Yangiliklar

                                          Ватанни улуғлаш – энг олий бахт
 Пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Эрматовга Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени ҳамда Президентимиз совғаси – “Malibu” автомобилини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг ўз ақл-заковати, истеъдодини тўла намоён этиши, маҳоратини муттасил ошириб бориши, юксак маънавиятли, баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунинг натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан жисмонан соғлом, маънан етук, халқаро майдонларда Ватанимиз шон-шуҳратини улуғлашга қодир спортчилар етишиб чиқаётир.
Мамлакатимизда футболни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ўзининг юксак самараларини бермоқда. Президентимизнинг 2006 йил 1 майдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2011 йил 19 январдаги “2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ўзбек футболи тараққиётини янги босқичга кўтарди.
Юртимизда барча спорт турлари қатори футбол ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Футбол бўйича болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослашган мактаб-интернатлари ва футбол академиялари фаолият кўрсатмоқда, жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий футбол стадионлари барпо этилмоқда, мавжудлари қайта реконструкция қилинмоқда. Етук футболчиларни тарбиялаш, малакали мураббий ва ҳакамлар тайёрлашни янада кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган йилларда ёш футболчиларимиз дунёнинг қатор давлатларида ташкил этилган жаҳон ва Осиё чемпионатларида муносиб иштирок этди.
 ФИФА рефериси, машҳур ўзбек ҳаками Равшан Эрматов эришаётган натижалар бунинг яққол исботидир.2003 йилдан буён ФИФА таснифидаги мусобақаларни бошқариб келаётган Р.Эрматов футбол бўйича деярли барча нуфузли турнирларда ҳакамлик қилмоқда. Ўзбек ўғлони 2008, 2009, 2010, 2011 ва 2014 йилларда беш маротаба “Осиёнинг энг яхши ҳаками” деб эътироф этилди. Халқаро футбол уюшмалари федерацияси уни 2011 йилда “Жаҳоннинг энг яхши ҳаками” сифатида тан олди. Мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни юқори савияда бошқариб келаётган Р.Эрматов 2013 йил якунлари бўйича ҳам дунёнинг энг кучли ҳакамлари рейтингининг юқори поғоналаридан жой олган.
Равшан Эрматовнинг 2010 йили Жанубий Африка Республикаси ва 2014 йили Бразилияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатларида кетма-кет иштирок этиши Ўзбекистон спортининг улкан ютуғи бўлди. 2010 йилги чемпионатнинг очилиш маросими ва яна тўртта учрашувни аъло даражада бошқариб, дунёга Ўзбекистон спортчиларининг салоҳияти ва қудратини намоён эта олган ўзбек ҳаками Бразилиядаги мундиалда жами тўртта учрашувни муваффақиятли бошқарди. Р.Эрматов ҳакамлик фаолияти давомида жаҳон чемпионатлари финал босқичида энг кўп – 9 учрашув бошқариб, дунё рекордини ўрнатди. Бу билан ўзбек спортчилари ҳам дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда яна бир карра исботлади.
Равшан Эрматов Президентимиз Ислом Каримов фармонларига мувофиқ 2010 йили “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони, 2014 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.
Машҳур футбол ҳаками Равшан Эрматов яқинда футбол оламининг нуфузли мукофотларидан бири – “Globe Soccer Awards – 2015” совринини қўлга киритди.
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ташкил этилган маросимда “Globe Soccer Awards – 2015”нинг турли номинациялар бўйича ғолиблари тақдирланди. Мукофотнинг “Энг яхши ҳакам” йўналишида Равшан Эрматов билан бир қаторда Жунейт Чақир, Вильмар Рольдан, Хоэль Агилар, Бакари Гассама ва Норберт Хауата сингари дунёнинг энг тажрибали реферилари ҳам даъвогарлик қилганди. Нуфузли ҳайъат аъзолари совринга ўзбек ўғлонини муносиб, деб топди.
Бу мамлакатимиз спорти салоҳиятининг, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигининг яна бир халқаро эътирофи бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 31 декабрдаги фармонига мувофиқ мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, халқаро майдонда ўзбек футболи нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш борасидаги катта хизматлари ҳамда ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун Р.Эрматов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” орденини ва Президентимиз совғаси – “Malibu” автомобили калитини Р.Эрматовга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев тантанали равишда топширди.
– Халқаро майдонларда Ватанимизни шарафлаш, унинг обрўси юксалишига ҳисса қўшиш – энг олий бахт, – деди Равшан Эрматов. – Нуфузли мусобақаларда ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни исботлашдек эзгу мақсадимизга етишаётганимиздан хурсандмиз. Бу Юртбошимиз раҳнамолигида спортга, спортчиларга, жумладан, футболни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик самарасидир. Камтарона меҳнатларимни Ватанимизнинг юксак мукофоти билан тақдирлагани учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдираман. Бу катта ишонч янада юксак марралар сари рағбатлантиради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси З.Низомхўжаев, Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид, Ўзбекистон халқ артисти М.Азизов ва бошқалар спортни ривожлантириш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган улкан ғамхўрлиги учун Президентимиз Ислом Каримовга чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Д.Назармуҳамедов иштирок этди.

Manba:   http://uza.uz/oz/sport/vatanni-ulu-lash-eng-oliy-bakht-31-12-2015

Новости